Суриялик ҳарбий мутахассислар йўқ қилинган террорчиларнинг қуролларини ўрганиб чиқар экан, ИШИД ва «Жибҳат ан-Нусра» снайперлари Россия корхоналарида ишлаб чиқарилган электроникали тунги нишонга олиш мосламаларидан фойдаланишини аниқлади, деб ёзади «Коммерсантъ».
Снайперлар ёғдирган ўқлар тўрт нафар россиялик ҳарбийнинг ўлимига сабабчи бўлди. Жангари деярли тўлиқ қоронғиликда бир неча юз метр масофадан туриб ўқ узган — у сурияликлар орасидан россиялик инструкторни ажрата олган ва уни ягона ўқ билан ҳалок қила олган.
Тунги нишонга олиш мосламалари, экспертлар сўзларига кўра, биринчидан учинчи авлодгача бўлган турларга бўлинади. Илк авлоддаги мосламалар орқали ой ёғдуси остида, иккинчи авлод мосламалари билан юлдузлар ёруғлиги остида нишонга олиш мумкин. Сўнгги нусхалар эса булутли тунда ҳам 400 метрдан одамни таниб олиш имконини беради.
Учинчи авлод ускуналари АҚШ ва Россияда ишлаб чиқарилади. АҚШда уларни мамлакатдан ташқарига чиқариш мутлақо тақиқланган. Россияда ҳам сўнгги вақтларда шундай қонунчилик амал қилмоқда, аммо мутахассислар жангарилар қурол-яроғлари орасидан айнан Россия электроникаси қўлланилган тунги нишонга олиш мосламаларини аниқлади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.