АҚШ маъмурияти КХДРга қарши санкциялар бажарилиши учун Россиянинг Владивосток, Находка ва Ванино портларини махсус назорат остига олиши мумкин. Тегишли норма АҚШ конгресси вакиллар палатаси томонидан 4 май, пайшанба куни қабул қилинган қонун лойиҳасида мавжуд, деб ёзади «РИА Новости».
Ҳужжатга кўра, АҚШ президенти қонун кучга киргандан кейинги 180 кун давомида, ундан кейин эса беш йил ичида ҳар йили КХДРга нисбатан чиқарилган БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини бузаётган аэропортлар ва портлар ҳақида конгрессга ҳисоботлар тақдим этиши лозим.
«Ҳар бир ҳисобот... қуйидаги портлар ва аэропортлар: ... Россия Федерациясидаги Находка, Ванино ва Владивосток портлари ҳақидаги аниқ хулосаларни ўз ичига олиши лозим», — дейилади қонун лойиҳаси матнида.
Ҳужжатда, шунингдек, Хитой, Эрон, Суриядаги (Тартус ва Латакия) портлар ҳақида сўз юритилади.
Ҳужжатни палатанинг 419 нафар аъзоси маъқуллаган бўлса, бир нафари унга қарши овоз берди. Қонун лойиҳаси АҚШ сенати томонидан тасдиқланиши ва имзолаш учун мамлакат президентига тақдим этилиши лозим.