Европа полиция агентлиги раҳбари Роб Уэйнрайт Telegram мессенжери раҳбари ҳамда шахсан лойиҳа асосчиси Павел Дуровни махсус хизматлар билан алоқа қилмасликда ҳамд террорга қарши курашда ёрдам беришни истамасликда айблади. Унинг тан олишича, Telegram «сўровларни бутунлай инкор қиляпти деб бўлмайди», аммо бу Twitter ва Facebook кўрсатаётган «ҳамкорлик даражаси эмас», деб хабар беради TJournal.
Уэйнрайтнинг таъкидлашича, Евроиттифоқ ИШИД террорчиларига интернет ресурсларидан фойдалан олмаслиги йўлида катта ишларни амалга оширмоқда, негаки айнан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар пропаганда ва янги аъзоларни ёллаш воситасига айланиб бормоқда. Шу туфайли ИШИД ҳатто ўз ижтимоий тармоғини яратишга мажбур бўлди.
Европол раҳбари Дуровнинг мессенжери эркин бўлиши, давлат билан ҳамкорлик қилмаслиги борасидаги позициясини эслатиб ўтди. Аммо Уэйнрайт Telegram бутунлай алоқалардан бош тортмаганини ҳам тан олди.
«Дуровнинг нуқтаи назари Россияда олинган тажриба билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли юқори», — тахмин қилди Европанинг бош полициячиси.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)