Ўзбекистон ва Исроил ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлгани муносабати билан «Ўзбеккино» миллий агентлиги ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида турли ҳудудларда, жумладан, Бухоро вилоятида Исроил ҳужжатли кино кунлари ташкил этилди. Бу ҳақда Бухоро вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Бухоро давлат мусиқали драма театрида ўтказилган тадбирнинг очилиш маросимида Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Кармела Шамир ҳамда «Ўзбеккино» миллий агентлигининг вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ринат Тўраев сўзга чиқди.
Бухоро вилояти санъат ихлосмандлари исроиллик кино усталари томонидан яратилган «Ажабтовур орзу», «Альбом 61», «Фотоновелла» сингари ҳужжатли фильмларни томоша қилиш имконига эга бўлди.
Тадбир доирасида «Исроил болалар адабиётида безаклар тараққиёти тарихи» номли кўргазма ҳам ташкил этилди.
Шунингдек, Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Болалар мурувват уйида қуриб битказилган болалар майдончасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)