Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон олиб борадиган ташқи сиёсат, қўшни мамлакатлар билан муносабатлар қарийб 70 миллионлик аҳолиси бўлган бутун минтақа тақдирига дахлдорлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳақда «Халқ сўзи» газетаси мухбири Қобил Хидиров фикр юритган. 

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Давлат раҳбари парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланишини алоҳида таъкидлаган эди. «Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Қўшнини танлаб бўлмайди. Бу — ҳаётий ҳақиқат. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам қўшнилар билан тил топишиш, улар билан дўстона муносабатни йўлга қўйиш жуда муҳим ва зарур. Бундай эзгу мақсад Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини, яъни «фаровонлик камари»ни шакллантириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Халқаро пресс-клубнинг яқинда пойтахтда бўлиб ўтган илк мажлисида қайд этишича, Ўзбекистон атрофида «фаровонлик камари»ни шакллантиришнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Сўнгги пайтларда атрофдаги мамлакатлар билан дўстона, яқин қўшничилик муносабатлари шакллангани ҳам ана шундай ёндашувнинг амалий натижаси саналади. 

Энг муҳими, ташқи сиёсат шунчаки баландпарвоз ва қуруқ гап эмас, балки одамлар, халқ учун муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилиши лозим. Қолаверса, ташқи сиёсатнинг асосий вазифаси халқнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, айни пайтда юрт тараққиётига ҳисса қўшишдир. Буларнинг барчаси қўшни мамлакатлар билан алоқаларда яққол намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон учун қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар устувор эканлигини Президент Шавкат Мирзиёевнинг илк давлат ташрифи Туркманистонга бўлганидан ҳам англаш мумкин. Экспертларнинг таъкидлашича, ушбу сафар, аввало, давлат ташрифи мақомига эга эди. Бундай ташрифлар муайян давлатга нисбатан бир марта амалга оширилади. Иккинчидан, кун тартибига киритилган масалалар, эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар аҳамияти ҳамда кўламидан келиб чиқиб айтиладиган бўлса, бу, ҳақиқатан ҳам, тарихий ташриф бўлди. 

Давлат раҳбарининг Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи ҳам Ўзбекистон атрофида «фаровонлик камари»ни шакллантириш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири, дейиш мумкин. Сабаби, Қозоғистон ҳудуди жиҳатидан Марказий Осиёнинг энг йирик давлати бўлса, Ўзбекистон аҳоли сони бўйича етакчи мамлакат ҳисобланади. Бу давлатларнинг ўзаро муносабати минтақа равнақига ижобий таъсир кўрсатади. Ташриф давомида имзоланган 2017—2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини изчил амалга ошириш иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро товар айланмасини 2020 йилгача 5 миллиард АҚШ долларига кўтаришга хизмат қилади.

Агар 2016 йилда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил қилганини инобатга олсак, бу ҳам «фаровонлик камари»ни барпо этиш йўлида эришилган дастлабки муваффақиятлардан бири бўлди.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Бундай ҳамкорлик алоқалари Қирғизистон ва Тожикистон билан жадал олиб борилмоқда. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг билдиришича, хусусан, Қирғизистон билан чегараларни демаркация ва делимитация қилиш сингари мураккаб, ўта нозик масалада ҳам келишувга эришилмоқда. Бугун қарийб минг километр чегара аниқ белгиланиб, тегишли шартнома тайёрланмоқда. Ушбу тарихий ҳужжат Қирғизистон раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланиши кутилаяпти. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан муносабатларда, авваламбор, собиқ иттифоқ парчаланганидан сўнг, шу билан бирга, турли объектив ва субъектив сабабларга кўра, тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга тайёрлигини намоён этмоқда.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам Халқаро пресс клуб мажлисида буни алоҳида қайд этиб, «Масалаларни муҳокама қилишдан қочмасдан, оқилона келишувларга эришиш, ўйлайманки, Ўзбекистон раҳбариятининг ташқи сиёсатдаги биринчи ва асосий жиҳатидир», деди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Генерал Пётр Павел Чехиянинг янги президенти этиб сайланди
Дунё
Америкадаги рус мафияси бошлиғига айланиб, Россияда ўлим топган “қонундаги ўғри” — “Япончик”. Кун хронологиясида 29 январь
Маҳаллий
“Ўтган йил давомида ички ишлар ходимлари билан боғлиқ 644 та салбий видео тарқалган” — Шоҳрух Ғиёсов