Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида 27 апрель куни Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Сенат ахборот хизмати.
Унда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматовнинг «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш бўйича қонун ҳужжатлари ижроси тўғрисидаги ахбороти тингланди.
Мажлисда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Конституциявий суд ва Олий суд, Бош прокуратура, Марказий банк, вазирликлар ва идоралар, ЎзА, Ўзбекистон МТРК, пойтахтнинг олий ўқув юртлари, Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ЁИҲ, «Нуроний» жамғармаси ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот тизимларини ва маълумотлар базаларини яратиш бўйича 70 дан ортиқ лойиҳа техник экспертизадан ўтказилгани қайд этилди.
Мажлисда «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этишга доир қонун ҳужжатлари ижросида мавжуд айрим камчиликлар ва муаммолар ҳам қайд этилди. Масалан, айрим давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида кўрсатиладиган давлат ва тармоқ хизматлари рўйхати рўйхатга олинмаган, бу эса ўз навбатида тадбиркорларга электрон давлат хизматларини кўрсатишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Коммунал хизматлар ва уй-жой фондлари порталида (e-kommunal.uz) коммунал хизматларнинг барча турлари акс эттирилмаган, порталга жойлаштирилган янгиликлар ва маълумотлар кўпинча бошқа веб-сайтларда чоп этилган маълумотларни такрорлайди.
Порталнинг очиқ маълумотлар (data.gov.uz) тизими ҳам охиригача шакллантирилмаган. Давлат статистика қўмитаси томонидан барча очиқ маълумотлар тақдим этилмаган. Электрон ҳужжат айрибошлаш тизими дастури (E-ijro) тўлиқ фаолият олиб бормаяпти. Бу дастур барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига электрон давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлашга қаратилган. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида АКТ тизими тўлиқ жорий этилмаган, уларнинг веб-сайтлари янгилаб борилмайди.
Муҳокама чоғида «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этишга доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича манфаатдор вазирликлар ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва ҳокимликларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда муҳокама этилган масалалар юзасидан мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўриш бўйича бир қатор таклифлар ва тавсиялар билдирилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)