Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Леонард Вотелни 26 апрель куни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида икки томонлама ўзаро манфаатли ва серқирра ҳамкорлик, жумладан, ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Афғонистонда юзага келаётган вазият ва ушбу мамлакатда тинчликка эришиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жозеф Вотел Президент Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик билдирди, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон—Америка муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашни давом эттиришга тайёр эканини қайд этди.
Изоҳ (0)