Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг консуллик муассасаларини Россиянинг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов-Дон, Екатеринбург, Владивосток, шунингдек, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳарларида очиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш стратегияси реализацияси муҳокамасига бағишланган конференцияда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов баёнот берди, деб хабар қилади «Газета.uz».
Унинг таъкидлашича, бундай чора ТИВга чет элда вақтинча бўлиб турган фуқаролардан келиб тушган шикоятлар асосида кўрилмоқда. Президент виртуал қабулхонаси ишга туширилганидан буён мурожаатлар сони 3 мингтани ташкил этди, шунинг учдан икки қисми консуллик-ҳуқуқий характердаги масалаларга оиддир. Жумладан, фуқаролар паспортларни алмаштириш, ҳужжатларни расмийлаштириш, чет элда яқинларининг ўлими сабабларини аниқлаш, марҳумларни олиб кетиш бўйича ёрдам кўрсатиш, чет элларда қўзғатилган жиноий ишларнинг холис тафтиш этилишига кўмаклашиш, алимент, нафақа олишда ёрдам бериш сингари масалаларда мурожаат қилган.
Чет элда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ТИВ Консуллик йўриқномасининг янги таҳририни ишлаб чиқди. Айни пайтда лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Ҳужжатга биноан, консул чет элда маълум сабабларга кўра молиявий имкониятларсиз қолган Ўзбекистон фуқароларига моддий ёрдам бериш функциясини ҳам бажаради. Моддий ёрдам олишда нотариал тасдиқланган ҳужжатга тенглаштирилган келишув имзоланади. Фуқаро шу йўл билан ватанига қайта олади, аммо 30 кун ичида олинган суммани қайтариши лозим бўлади.
Жавлон Ваҳобовнинг сўзларига қараганда, Консуллик йўриқномаси лойиҳасида консуллик хизматлари доираси кенгайтирилиб, Ўзбекистон фуқароларининг чет элда овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишига кўмак бериш, одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш, ҳужжатларини йўқотган фуқароларга мамлакатга қайтиш бўйича кўмак бериш сингарилар қўшилган. Бундан ташқари, таъкидланишича, кўпчилик консуллик хизматлари интерактив шаклда, онлайн режимда тақдим этилади.
Изоҳ (0)