15 апрель куни халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоят ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев маъруза қилди, деб ёзади «Zarnews.uz».
Маърузада туманда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари таҳлил этилиб, эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликларга эътибор қаратилди. Жорий йил биринчи чорагида туманда 92,6 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўн фоиз ўсиш кўрсаткичи қайд этилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш ва чакана савдода ҳам 2016 йил биринчи чорагига қараганда ўсишга эришилди. Дастурлар доирасида 18 та саноат корхонаси ишга туширилди. Мева-сабзавотни қайта ишловчи учта корхона иш бошлади. 69 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 658 тага етди.
«Афсуски, туман раҳбарлари, мутасаддиларининг ўз ишига масъулият билан ёндашмаганлиги туфайли белгиланган кўплаб вазифалар бажарилмай қолди. Жумладан, саноат йўналишидаги аксарият лойиҳалар амалга ошмади. Бунинг оқибатида аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш вилоят кўрсаткичидан анча пастлигича қолмоқда. Туманнинг вилоят саноатидаги улуши бор-йўғи 3,2 фоизни ташкил этмоқда.
Мева-сабзавот етиштириш, узумчиликда бой тажриба тўпланган Булунғурда кейинги йилларда мазкур соҳаларда ҳам орқага кетиш кузатилмоқда. Кўптармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш, экин турларини ўзгартириш, такрорий экин экиш, ғалладан қисқарган ерларда боғ-токзорлар барпо этиш, дебитор қарздорликни қисқартириш ишлари умуман талабга жавоб бермайди. Жорий йилда паррандачилик йўналишида курка, ўрдакчилик тармоқлари бўйича лойиҳа таклиф этилмаган. 505 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилса-да, бирорта замонавий музлаткичли омборхона йўқ.
Туманда коммунал соҳада мавжуд муаммолар ва дебитор қарздорликнинг ошиб бораётгани, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишдаги жиддий нуқсонлар, тартиб-интизомнинг йўқлиги, таълим муассасаларида ўқувчилар давомати ҳамда таълим сифати ва самарадорлигининг пастлиги ташвиш билан қайд этилди. Маҳаллалар фаолияти талабга жавоб бермайди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ҳолати, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш, оталикни белгилаш, диний экстремизмга қарши кураш масалалари ўз ҳолига ташлаб қўйилган», — деди вилоят ҳокими.
Сессияда ташкилий масала кўрилиб, Булунғур тумани ҳокими Хайриддин Хўжаёров ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаменти шўъба мудири вазифасида ишлаб келаётган Раҳимов Фурқат Жалолович Булунғур тумани ҳокими этиб тасдиқланди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!