Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тўрт нафар ўспирин бола бегона уйга бостириб кириб, пул ва моддий қимматликларни талон-торож қилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилди. Хабарномада таъкидланишича, жиноят жангари фильмлар таъсирида содир этилган.
Тошкент вилояти ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, 2017 йилнинг 10 апрель куни соат 02:30 ларда ёшлари тахминан 20–25 ларда бўлган тўрт нафар номаълум шахс бошларига қора спорт шapkаси, юзларига қора рангли ниқоб ва қўлларига хўжалик қўлқопини кийган ҳолда Бўстонлиқ тумани Искандар қўрғони ҳудудидаги хонадонларнинг бирига босқинчилик йўли билан кириб, уй бекаси ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, зўрлик ишлатиб, ош пичоғи ёрдамида ўлдириш билан қўрқитиб, 2 миллион сўм пули ва 400 минг сўмлик Nokia-225 русумли уяли алоқа телефонини олиб, жиноят содир этган жойидан яширинган.
Жабрдийда дарҳол ички ишлар идорасига мурожаат қилган.
Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни икки нафар 1998 йилда туғилган муқаддам судланган шахс ҳамда 1994 йилда ва 1996 йилда туғилган шахс содир этганлики ошкор бўлди.
Айбланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)