Президентнинг 4 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Андижон шаҳрининг Кенгаш МФЙ худудида яшовчи Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, 92 ёшли Абдумуталиб Тожибоевга GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатлар тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда Андижон вилоят ҳокимлиги расмий сайти орқали маълум қилинди.
«Юртимиз доим тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, — деди фахрий. — Биз каби фахрийларга кўрсатилаётган доимий ҳурмат ва эътибор учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Кўпдан бери набираларимга автомобиль олиб бериш истагида эдим. Мана бугун Худо хоҳласа, орзуларим ушаладиган бўлди. Президентимизга минг раҳмат».
Абдумуталиб Тожибоев хонадонига ташриф буюрган шаҳар ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари отахонга Президент номидан имтиёзли сертификат, шунингдек, Damas автомашинаси ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)