Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш мамлакатни Евросиёнинг муҳим транспорт марказига айлантиради. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Содиқ Сафоев Халқаро пресс-клубнинг Тошкентда бўлиб ўтган биринчи йиғилишида транзит ва транспорт оқимлари жуда фойдали маҳсулот эканлигини, Ўзбекистоннинг транзит соҳасидаги салоҳиятидан фойдаланиш валюта киримининг асосий манбаларидан бирига айланиши мумкинлигини таъкидлади. Сенаторнинг фикрича, ушбу соҳа мамлакатнинг иқтисодий, геостратегик ва геосиёсий аҳамиятини ошириб, уни муҳим транспорт марказига айлантиради.
Содиқ Сафоев йўлларнинг очилиши мулоқот, савдо, одамларнинг ўзаро ташрифларини амалга оширишдаги тўсиқларни олиб ташлаш эканлигини қайд этди. «‘Сунъий субъектив тўсиқлар’дан халос бўлиш натижасида сўнгги уч ойнинг ўзидаёқ Қозоғистон билан савдо ҳажми қиймат кўрсаткичи бўйича 30 фоизга, моддий шаклда эса 40 фоизга ошди», — деди сенатор.
Сенатор ўз нутқи давомида Ўзбекистоннинг ушбу соҳада эришаётган сўнгги ютуқлари, хусусан, Хитой билан логистика марказларини очиш борасида олиб борилган музокаралар, Транскавказ йўналишидан фойдаланиш ва Руминиянинг Констанса портига чиқиш борасида Озарбайжон ва Грузияда ҳамкорлар билан бўлган учрашувлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи доирасида «Туркманобод—Фароб» темир йўл ва автомобиль кўприкларининг очилиши аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Содиқ Сафоев, шунингдек, Ўзбекистонда транспорт соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш вақти келганини таъкидлади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)