Эрон мудофаа вазирлигининг сўнгги икки йилда эришган муваффақиятларига бағишланган кўргазмада мамлакатда ишлаб чиқарилган, машғулотлар учун мўлжалланган «Кавсар» номли самолёт тақдим этилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Мазкур самолёт буюртма асосида фақатгина ўзимиз томондан мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари иштирокида лойиҳалаштирилиб, яратилди. Учувчиларни ўқитишдан ташқари, самолёт бошқа қўшимча вазифа — қуролларни бир жойдан иккинчи жойга етказишни ҳам амалга ошира олади. У барча зарурий синовлардан сўнг ҳарбий-ҳаво кучлари қуроллари қаторидан жой олади, деган умиддаман», — деди мудофаа вазири Ҳусайн Деҳқон.
Тадбирда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳам иштирок этди.
Кўргазмада тактик «Можаҳер-6» учувчисиз самолёти, кемаларга қарши «Насир» қанотли ракеталари, «Факур» номли «ҳаво-ҳаво» ракеталари ҳам намойиш этилди.
Шунингдек, ҳарбийларга дала манёврларини амалга ошириш ҳамда «Қаҳер-313» қирувчи самолётларининг ўқув парвозларига тайёрланиш ҳақида топшириқ келиб тушди.