19 май куни бўладиган Эрон президенти сайловида номзод сифатида қатнашиш учун қарийб 200 киши рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Эрон Ички ишлар вазирлигининг Сайловларни ташкил этиш бўйича штаби раҳбари Али Асқар Аҳмадий маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Маълум қилинишича, жами 197 киши — 189 нафар эркак ва саккиз нафар аёл сайловда президентликка номзод сифатида қатнашиш учун ариза топширган. Уларнинг 54 нафари илмий даражага эга, 19 нафари уруш қатнашчиси ҳисобланади. Номзодлар орасида энг ёши улуғи 82 ёшли стоматолог экани айтилмоқда.
Аҳоли ўртасида энг шов-шув бўлган ҳодиса сайловда иштирок этиш учун собиқ президент Маҳмуд Аҳмадинажоднинг рўйхатдан ўтгани бўлди. Эрон ахборот агентликларида эълон қилинаётган фикрларга кўра, сиёсатшунослар ва жамоат арбобларининг деярли барчаси Аҳмадинажоднинг ушбу ҳаракатини кескин танқид қилган.
11 апрель куни бошланган сайловда қатнашиш учун рўйхатга олиш жараёни беш кун давом этади. Сайлов бюллетенига киритиладиган номзодларнинг сўнгги рўйхати Эрон Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади. Ушбу кенгаш раҳбари оятуллоҳ Аҳмад Жаннатийнинг сўзларига кўра, биринчи кун рўйхатдан ўтган деярли ҳеч бир номзод сайловда қатнашиш учун зарур ваколатга эга эмас.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)