Сомали қароқчилари ўз-ўзини мухтор ҳудуд деб эълон қилган Пунтленд соҳиллари яқинида Ҳиндистонга тегишли юк кемасини қўлга олди, деб ёзади «Корреспондент.net». Пунтленд ҳукумати аниқлик киритишича, кема экипажи ва жойлашган жойи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Нашр эслатишича, тахминан икки ҳафта илгари Сомали соҳиллари яқинида эгаллаб олинган нефть ташувчи кема бир неча кундан сўнг ҳеч қандай тўловсиз озод этилган эди. Бу Сомали қароқчилари томонидан сўнгги беш йил ичидаги биринчи ҳужум эди.
2000 йиллар охири — 2010 йиллар бошида Сомали қароқчилари денгизда кўплаб кемаларни қўлга туширган, 2011 йилнинг ўзида 260 та кема қароқчилар ҳужумига учраган.
Аммо минтақада хавфсизликни сақлаш бўйича халқаро ҳаракатлар шарофати билан Сомали соҳилларидаги қароқчилик ҳужумлари ҳолатлари сезиларли даражада камайган.