Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 90 га яқин контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланган бўлиб, натижада қиймати салкам 320 миллион сўмлик товар-моддий бойликларининг ноқонуний олиб ўтилиши олди олинди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Божхона текширувлари ва суриштирув бўлими бош инспектори Т.Файзиев «Дарё»га маълум қилди.
2017 йил 17 январь куни Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига ўтиш мақсадида «Сирдарё» чегара божхона постига пиёда кириб келган Қозоғистон Республикаси фуқароси Л.Жанасовга (исми шарифи ўзгартирилган) тегишли, муқаддам фойдаланишда бўлган iPhone 5S русумли телефон аппарати холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда, телефон аппаратининг хотирасида икки дона шафқатсизликни тарғиб қилувчи видеолавҳа, шунингдек, тўққизта беҳаё ва порнографик мазмундаги ҳамда беш дона диний мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2017 йил 20 январдаги БК-024-сонли экспертлик хулосасига кўра, ушбу телефон аппарати хотирасидаги шафқатсизликни тарғиб қилувчи видеолавҳалардаги маълумотлар ИШИД диний экстремистик ташкилотига тегишли бўлиб, уларда диний адоватни тарғиб қилувчи ғояларнинг мавжудлиги маълум бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Л.Жанасовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишлилиги бўйича суд идораларига юборилган.
Содир этилаётган бу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатларни олдини олиш борасида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан туман, шаҳар ҳокимликлари билан ва маҳалла фуқаролари йиғинларининг мутасадди раҳбарлари билан ҳамкорликда учрашувлар ташкил қилиниб, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)