Тошкент шаҳрида «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти томонидан соҳа мутасадди ва мутахассислари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 8000 тага етгани қайд этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Таъкидланганидек, хориждан келтирилаётган гипскартон, қуруқ қурилиш қоришмалари, сопол плиткалар сингари материалларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши кейинги уч йилда ушбу маҳсулотларнинг импорт ҳажмини 3,5 баробарга қисқартириш имконини берди. Ҳозирги пайтда шиша ва базалт пластикли арматура ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш устида иш олиб борилмоқда.
2016 йил якунларига кўра, жамият таркибига кирувчи 102 корхона томонидан 2,8 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилдагига нисбатан 10 фоизга кўпдир. Анъанавий экспорт бозорларида товар ва маҳсулотларга бўлган талабнинг пасайишига қарамай хорижга 117 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилиб, прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2015 йилдагига нисбатан саккизтага кўпайиб, 40 тага етди.
Матбуот анжуманида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида қарийб 46 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани маълум қилинди. 71 миллион доллардан зиёд инвестиция маблағлари ҳисобидан 22 лойиҳа амалга оширилди. Инвестицияларнинг қарийб 40 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар экани хорижий сармоядорларнинг соҳага бўлган қизиқиши ортаётганидан далолат беради.
Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.