Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик фонди делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, бир қатор идора ва ташкилотларида бўлди, қатор музокаралар олиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Россия президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой, МДҲ Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик фонди ижрочи директори Анатолий Иксанов, Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев, «Россoтрудничество» ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари В.Н.Шулико, Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси маслаҳатчиси А.В.Сухановдан иборат делегация аъзолари ташриф давомида Ўзбекистон Маданият вазирлигида бўлди.
Ўзаро мулоқотлар чоғида томонлар мазкур учрашувнинг айнан Халқаро театрлар кунида бўлиб ўтаётганлигининг ўзига хос рамзий маъноси борлигини алоҳида таъкидлади. Музокараларда Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасидаги гуманитар ҳамда маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш масаласи ўрин олган бўлиб, театрлараро муносабатларни янада яхши йўлга қўйиш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Унга биноан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг Россияга, Санкт-Петербургдаги «Малиринский» Давлат академик опера театрининг эса Ўзбекистонга гастролларини ташкил этиш режалаштирилди.
МДҲ Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик фондининг 2017—2018 йилларга белгиланган дастури режасида, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасида турли маданий учрашувлар, фолклор-этнографик дасталарининг концертларини ўтказиш, кўргазмалар ташкил этиш ўрин олган. Ҳозирда Москвада А.Пушкин номидаги Давлат санъат музейида И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейининг дурдона асарларидан иборат кўргазмани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.
Швидкой 2017 йил навбатдаги «Ҳамдўстлик юлдузлари» ҳамда «Ҳамдўстлик дебютлари» каби фестивалларни ўтказиш, ушбу форумларда Ўзбекистон вакилларининг иштирок этиши кутилаётганлигини қайд этди.
Меҳмонлар ташриф доирасида В.Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий давлат кутубхонасида ҳам бўлди.
Изоҳ (0)