Ўзбекистон миллий автомагистрали тизимидаги Қоровулбозор тумани орқали ўтувчи Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнов халқаро автомобиль йўлидаги вилоятлараро Аму—Бухоро канали устида барпо этилган янги замонавий кўприк фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Ўзавтойўл» акциядорлик компанияси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Инвестиция дастурига кирган ушбу объект Автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибидаги «Қашқадарё кўприк хўжалигига ихтисослаштирилган сақлаш, таъмирлаш ва фойдаланиш» корхонаси томонидан қурилиб, ушбу лойиҳа давомида 11 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
Кўприкни лойиҳалаштириш ишлари 2016 йил июлида бошланган эди. Ўшанда 1961 йилда қурилган эски кўприкнинг бир қисми қулаб тушган эди.
Кўприк аввалгисига нисбатан уч баробар кенг бўлиб, эни 27, узунлиги 72 метрни ташкил этади. Тўрт тасмали йўлдаги янги кўприкнинг ўтказиш қобилияти, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш даражаси кескин ошди.
Иншоотнинг икки томонида пиёдалар учун йўлаклар барпо этилди.
Изоҳ (0)