Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Тошработ маҳалласига ташриф буюриб, вилоятда енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Навоий вилоятида пахта толасини чуқур қайта ишлаш ва жаҳон бозори талабларига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллий банк кредити ҳисобига Навоий шаҳрида «Бахт текстил», «Бахт Навоий», Қизилтепа туманида «Тошработ текстил» ва Навбаҳор туманида «Навбаҳор текстил» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан замонавий ва энерготежамкор технологик ускуналар асосида сифатли ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Умумий қиймати қарийб 70 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторлар ҳам жалб этилмоқда. Корхоналарга Швейцариянинг «Ритер» компаниясида ишлаб чиқарилган юқори самарадорликка эга замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилади.
Лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, вилоятдаги пахта толаси тўлиқ қайта ишланади, ип-калавадан тайёр мато ишлаб чиқариш 70 фоизга, турли матолардан трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш 50 фоизга етади. Йилига 7,6 минг тонна сифатли ип калава ишлаб чиқариш қувватига эга «Бахт текстил» корхонаси маҳсулотларининг 80 фоизини экспортга йўналтириш мўлжалланмоқда.
Шавкат Мирзиёев мазкур лойиҳалар билан танишар экан, ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида қайта ишлаш тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиб, харажатларнинг қисқариши, аҳолининг даромади ошишига хизмат қилишини таъкидлади.
Пахта толасидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш, тармоқдаги мутахассислар салоҳиятини кучайтириш, шу билан бирга, коллеж битирувчиларини ишга жалб этиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Президенти Кармана туманидаги «Kamilla груп» масъулияти чекланган жамиятида Италия технологияси асосида тайёр чарм ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини кўздан кечирди.
Ушбу лойиҳа ишга тушгач, йилига 20 миллион квадрат дециметр тайёр чарм ишлаб чиқариш ва 3,2 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имкони пайдо бўлади. Корхонада 40 иш ўрни яратилади.
Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Вилоятда саноат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш пировард натижада халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)