2017 йил 24 март куни Ўзбекистон ва Италия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги нишонланди. Шу муносабат билан Италиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Андреа Бетоцци икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳақида тўхталиб ўтди, деб хабар беради «Жаҳон» ахборот агентлиги.
Элчи икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳақида сўз юритиб, изчиллик билан ривожланаётган алоқалар турли соҳаларни қамраб олишини қайд этди.
Истиқболлар ҳақида тўхталиб, Андреа Бетоцци савдо, иқтисодиёт ва саноат соҳаларида ҳамкорлик ҳамда экспорт кредитлари масалалари бўйича Италия—Ўзбекистон ишчи гуруҳининг навбатдаги олтинчи йиғилиши жорий йилда Римда бўлиб ўтиши режалаштирилганини маълум қилди.
Шунингдек, айни дамда «Сармоялар жалб қилиш ва уларни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги битим устида иш олиб борилаётгани қайд этилди.
Элчининг сўзларига кўра, ҳозирда 2017—2020 йиллар учун Италия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида маданий ҳамкорликнинг III ижро дастури ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Элчи Ўзбекистон Туризм давлат қўмитаси ва Италия маданият ва туризм вазирлиги ўртасида 2017—2019 йиллар учун мўлжалланган Ҳаракатлар режаси лойиҳаси тайёрланаётганини таъкидлади.
«Италиялик сифатида туризм соҳаси ривожланиши аҳамиятини яхши тушунаман. Ўзбекистон бизнинг мамлакатимизда машҳур сайёҳлик йўналишига айланаётгани ва у ҳозирда сайёҳлар томонидан юқори баҳоланаётганидан жуда хурсандман», — деди элчи. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)