«Бунёдкор» Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичидаги қаторасига учинчи мағлубиятини қабул қилиб олгач, жамоа бош мураббийи Сергей Лушчан журналистлар саволларига жавоб беришдан қочмади.
Бизни қўллаш учун стадионга келган ва телевизор орқали ўйинимизни томоша қилганлардан узр сўрайман. Барча айб менда! Мен таркиб танлашда адашдим.Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Сергей Иванович айнан қайси футболчини майдонга туширгани ёки туширмаганида адашганини айтмаган. Аввалроқ у «Олмалиқ» билан ўйиндан кейин таркиб танлашда Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби билан маслаҳатлашиб иш қилишини айтиб қўйганди.
Тартиб-интизом борасида эътирозим йўқ. Хулоса қиламиз... Икки оёқ билан рақибга сакрашни қандай тушуниш керак, билмайман. Бунга сўз ожиз. Ўзим ҳам шокдаман.Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Маълумот учун, «Бунёдкор» Тошкентда ўтган сўнгги икки учрашувда 2 та қизил карточка билан юзлашди. «Ал-Айн»га қарши ўйинда Акром Комилов, «Зоб Оҳан»га қаршисида эса Вадим Чемиртан майдондан эрта чиқиб кетди. «Бунёдкор» ҳар икки ҳолатдан кейин ҳам ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди.
Матбуот анжуманида иштирок этган спорт журналистларидан бири клуб ОЧЛ гуруҳ босқичидаги 15 та ўйиндан буён юта олмаётгани ҳақида айтиб, мураббийдан бу борада уяладими ёки йўқ — сўрашга жазм этди.
Йўқ! Нега уялишим керак?! Кетма-кет учинчи йил гуруҳ босқичига чиқамиз. Ҳозирча энг катта натижамиз шу.Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Маълумот учун, «Бунёдкор» Сергей Лушчан ташрифига қадар ҳеч қачон гуруҳ босқичида қолиб кетмаган. Олий лигада дастлабки икки ўрин ёки мамлакат кубогини қўлга киритгани учун, плей-оффда ҳам ўйнаб юрмаган. Лушчан билан эса Тошкент клуби кетма-кет икки мавсум чемпионатни 4-ўринда якунлади ва куни плей-оффда ўйнашга қолди.
Отабек Шукуров ўйинни бузувчи футболчи, ҳужум ташкил қилувчи эмас. Сўнгги пайтларда унинг ўйинидан пасайиш бор. Ўтган йил эса жуда яхши ўйнаганди. Гаплашсак, баъзан хафа бўлади. Қизиққон футболчи у...Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Мавсум аввалида берилган интервьюсида Сергей Лушчан Отабек Шукуров ва Элдор Шомуродовни футболчи эмас, деб таъкидлаганди. Самвел Бабаян эса ҳар икки футболчини Ўзбекистон миллий терма жамоасига узлуксиз жалб қилади.
Бугун Аҳмадалиев, Комилов ва Шомуродовнинг ўрни билинди. Қанотларимиз ишламади. Ҳимояда фақат икки номинал ҳимоячи ўйнади. Уларнинг жойини ўзгартиришга қарор қилдим.Баъзида ўйин ҳисобига аҳамият бермайман. Кам бўлса-да, гуруҳдан чиқиш имкониятимиз бор. Балки омадимиз келар, балки мўъжиза кўрсатиб, уч ўйинда ғолиб чиқармиз.
Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Лушчан ўйин натижаларига баъзида нима сабабдан аҳамият бермаслигини очиқламаган. Мураббий мавсум аввалида ҳам мўъжизадан умид қилганмиди ёки ўз кучига ишонганми — ойдинлик киритилмаган.
Матбуот анжуманида Сергей Лушчан қиз бола эмаслигини маълум қилган.
Агар натижа мураббий алмашиши орқали яхшиланса, мен бунга тайёрман. Барчасини раҳбарлар ҳал қилади. Ўгирилиб кетиб қолишдан осони йўқ, бу қизларга хос. Мен эса қиз бола эмасман.Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Европа Чемпионлар лигасида зафар қучганидан кейин «Бавария»ни тарк этган Юпп Хайнкес, ўзи иштирок этган барча мусобақаларда ғолиб чиққан Луис Энрике, «Манчестер Юнайтед» билан муваффақиятларга эришган Сэр Алекс Фергюсон кабилар ўз истеъфосига кўра ишдан бўшаб қизларга хос ҳаракат қиланми ёки йўқ — аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)