Жозе Моуриньо бошчилик қилаётган «Манчестер Юнайтед» мавсум бошидан буён иштирок этиб келаётган мусобақаларининг биринчисини тарк этди.
Англия кубогининг чорак финалига қадар етиб келган «манкунианлар» Лондонда «Челси» қаршилигини синдира олмади. Уэйн Руни, Златан Ибраҳимович, Антони Марсьяль, Хуан Мата каби етакчи футболчилар майдонга тушмаган беллашувда Нголо Кантенинг иккинчи бўлим бошларида урган голи ҳамма нарсани ҳал қилди.
Тўқнашувнинг 65 дақиқасини «Юнайтед» бир киши камроқ ўтказди. 35-дақиқада Андер Эррера Эден Азарга нисбатан ишлатилган қўполлик учун майдондан четлатилди.
Моуриньо бошқарувида «Юнайтед» мавсум бошидан буён иккита соврин ютиб олди. Клуб Англия Суперкубогида «Лестер»ни, мамлакат Лига кубогида «Саутгемптон»ни таслим қилиб, бош совринга эга чиқди. АПЛ ҳамда Европа лигасида зафар қучиш учун эса кураш давом этмоқда.
Англия кубоги Чорак финал 13 март, душанба
«Челси» — «Манчестер Юнайтед» 1:0
Гол: Нголо Канте, 51 (1:0).Четлатиш: Андер Эррера, 35 (М).Шу тариқа Англия кубогининг ярим финал жуфтликлари аниқ бўлди. 22 апрель куни «Челси» ҳамда «Тоттенҳэм» клублари финал учун майдонга тушса, ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида «Манчестер Сити» ҳамда «Арсенал» ҳисоб-китоб қилади.
Изоҳ (0)