Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги «Ушсай» ва Тахтакўпир туманининг «Қара ой» қишлоқ фуқаролар йиғинида 10—11 март кунлари ўрмон хўжаликлари ва маҳаллий бирлашмаларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича дала-намойиш семинарлари ўтказилди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт Дастури матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирлар ўрмон хўжаликлари ва маҳаллий бирлашмалар вакиллари учун ландшафтлар даражасида амалга ошириладиган мослашиш чораларини кўриш бўйича тадбирларни таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Семинарлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жорий йилнинг 10—17 март кунлари мобайнида бўлиб ўтадиган иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган туркум тадбирларни бошлаб берди.
Дала-намойиш семинарлари иштирокчиларга қишлоқ хўжалиги ҳамжамиятларини амалда иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш бўйича турли ёндашувлар ва чора-тадбирлар, агро ва сув тежаш технологияларини жорий этиш имкониятлари билан танишиш имкониятини берди.
13—18 март кунлари лойиҳанинг бешта — Кегейли, Қанликўл, Тахтакўпир, Чимбой ва Мўйноқ туманларида агро ва сув тежовчи технологиялар бўйича тренинглар ташкил этилади.
14—17 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг гидрометрия соҳасидаги мутахассислари сув сарфини автоматик ўлчаш тизимини ишлатишга ўрганади.
Лойиҳанинг намунавий туманларида иқлим ўзгариши ва ландшафтлар даражасида мослашув чораларини амалга ошириш масалалари миллий ва маҳаллий ўрмон хўжаликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси ва Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали вакиллари иштирокида 15 март куни Нукус шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган учрашувда муҳокама қилинади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)