Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ҳароратининг ўсиш суръатлари глобал ўсишдан икки маротаба баланд. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази («Ўзгидромет») ахборотларига таяниб, БМТ Тараққиёт Дастури матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кечки аёзлар, илиқ тўлқинлар, дўл, кучли шамоллар, қурғоқчилик каби экстремал ҳаво ҳодисаларини Қорақалпоғистон ҳудудида такрорланиб туриш даражаси юқори.
Шу боис БМТ Тараққиёт Дастури «Ўзгидромет» билан биргаликда Иқлим ўзгариши ҳақидаги БМТнинг Ҳадли конвенцияси Адаптация фонди томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистондаги фермер ва деҳқон хўжаликларини иқлим ўзгариши оқибатларига чидамлилигини ошириш бўйича ишларни олиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жорий йилнинг 10—17 март кунлари мобайнида бўлиб ўтадиган иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган туркум тадбирлар ташкил этилмоқда.
Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистонда метеорологик кузатув тармоқларини автоматлаштириш учун сотиб олинган махсус ускуна ҳудудда иқлим ҳолатини назорат қилишнинг техник жиҳатларини ҳал этишга ёрдам беради.
Уни ўрнатиш ишлари 25 мартдан 20 апрелгача Нукус, Мўйноқ, Чимбой, Тахтакўпир, Қўнғирот, Элликқалъа ва Хўжайлида олиб борилади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)