Facebook асосчиси Марк Цукерберг ва унинг рафиқаси Присцилла Чан иккинчи марта ота-она бўлади. Бу ҳақда Цукерберг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилди.
«Присцилла ва мен яна бир қизалоғимизнинг туғилишини кутаяпмиз», — деб ёзди 32 ёшли Цукерберг.
Унинг сўзларига қараганда, рафиқасининг биринчи ҳомиладорлиги оғир кечганлиги учун улар яна фарзандли бўлишига ишона олмаган. «Присцилла яна ҳомиладор эканлигини билганимизда, биринчи навбатда боланинг соғлом эканлигига умид қилдик. Иккинчи навбатда унинг қизалоқ эканлигига умид қилдим. Мен Макс учун сингилдан каттароқ совғани тасаввур қила олмайман», — дея таъкидлади ижтимоий тармоқ асосчиси.
Цукерберг унинг ўзи ҳам, рафиқаси Чан ҳам опа-сингиллари қуршовида улғайганлигини қўшимча қилди.
«Барчамиз ҳаётимиздаги кучли аёллар — опа-сингиллар, оналар ва дўстларимиз туфайли яхши инсонлар бўлиб улғайганмиз. Яна бир кучли аёлни тарбиялаш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз», — деди у.
Изоҳ (0)