ЎФФ матбуот хизматининг хабар беришича, футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Осиё кубоги—2018 саралаш босқичига тайёргарликни Амирликларда олиб бормоқда. 9 март куни жамоа БАА аёллар термасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиб, хотин-қизлар халқаро байрами учун ўзига ажойиб совға ҳозирлаган.
Ўртоқлик учрашувида дарвозаларга жами 9 та гол урилди. Шуларнинг 8 таси мезбонлар дарвозасидан жой олди — 8:1.
Ўзбекистонликлардан Маҳлиё Сарикова ҳамда Лиана Норбекова хет-трик қайд этган бўлса, Камола Ризқиева ҳамда Людмила Карачик 1 тадан гол уришга муваффақ бўлган.
Хабарда қайд этилишича, Осиё кубогининг финал босқичига йўл олиш учун Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Жанубий Корея, Гонконг, Ҳиндистон ҳамда КХДР термаларига қарши майдонга тушиши керак. Сир эмаски, Шарқий Осиё мамлакатларининг футболчи қизлари қитъада энг яхшилардан ҳисобланади.
Амирлик йиғини давомида БАА термасига қарши 12 март куни яна битта учрашув бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Ўзбекистон аёллар терма жамоасини Шерали Бобоқулов бош мураббий сифатида бошқаради.
Изоҳ (0)