Ўзбекистон ва Туркия умумий қиймати бир миллиард доллардан ошувчи ҳужжатлар тўпламини имзолади. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Ҳужжатлар Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Туркияга ташрифи якуни бўйича имзоланди. Ташриф 2017 йил 26 февралидан 2 мартига қадар давом этди.
Ўзбекистон делегацияси Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда бош вазир Биноли Йилдирим томонидан қабул қилинди.
Шунингдек, делегация Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия раисларидан бири ва бош вазир ўринбосари Туғрул Туркеш, иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи, маданият ва туризм вазири Наби Авжий ҳамда қатор йирик холдинг, компания ва хусусий соҳа тузилмалари раҳбарлари билан учрашди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон—Туркия бизнес-форуми, давра суҳбатлари, Истанбул ва Анқарада икки томоннинг соҳалар бўйича идора ва компания раислари иштирокида хизмат учрашувлари бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув ва музокараларда томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини аниқлаб олди. Шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳасидаги инфратузилмани янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистон ва Туркия вакиллари икки мамлакатнинг транспорт коммуникацияси соҳасидаги ҳамкорлиги масалаларини ҳам кўриб чиқди.
Тадбирлар якунлари бўйича умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд маблағга тенг ҳужжатлар тўплами имзоланди.