Ўзбекистон Миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъэктларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Property Industry компанияси таъсисчилигида Бухоро туманида 38 гектарда агрологистика маркази барпо этилмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.
Умумий қиймати 21,8 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида марказда Хитой, Германия, Дания технологиялари асосида мева-сабзавотларни қуритиш, музлатиш, мураббо, жем ва тузламалар ишлаб чиқариш қувватлари, музлаткич ва сублимация ташкил этилади.
Бу йилига 10 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш, дастлабки йилларда 6,5 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиш имконини беради. Натижада 250 доимий иш ўрни яратилади.
Ушбу агрологистика марказида маҳаллий хом ашё асосида эни 12 метрлик полиэтилен плёнкалар, агрокимёвий воситалар ва суюқ ўғитлар ҳам ишлаб чиқарилади. Шу пайтгача хориждан олиб келинган бу маҳсулотлар импорт ўрнини босиш билан бирга экспортга ҳам йўналтирилади.
Бухоро вилоятида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу марказ лойиҳаси билан танишар экан, бу ерда экспортбоп маҳсулотлар экиш, коммуникация тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)