Урганчда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
«Вилоятда 187 маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, улардан фақат 24 тасининг кадастр ҳужжати расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган, – деди халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Р.Собуров. – Маданий мерос объектларини реставрация қилиш, таъмирлаш ишларига давлат бюджети ҳамда грант маблағлари ҳисобидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадсиз ишлатилиши, давлат мулкини ижарага бериш масалаларида турли қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилган. Бу ҳали соҳада қилиниши зарур бўлган вазифалар кўплигидан далолатдир».
Доимий комиссия мажлисида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли ташкилотлар масъул ходимларининг ахбороти тингланди. Қонун ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, уларнинг натижадорлигига эришиш юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳ (0)