Исроилда Фаластиннинг собиқ раҳбари Ёсир Арофат номидаги кўча ҳеч қачон пайдо бўлмайди. Бу ҳақда яҳудий давлати бош вазири Биньямин Нетаньяху 5 март, якшанба куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Биз Исроил давлатида Ёсир Арофат ва у кабиларнинг номидаги кўчаларнинг бўлишига йўл қўя олмаймиз. Бундай ҳолат бўлмаслиги учун чоралар кўрамиз ва зарурат бўлганда янги қонун қабул қиламиз», — деди Нетаньяху.
Бош вазирнинг сўзларига қараганда, Исроил кўчаларига исроилликлар ва яҳудийлар қотилларининг номини бермайди.
Куни кеча Исроил телевидениесининг Ўнинчи канали Исроилнинг марказий қисмидаги Жат номли араб қишлоғида Ёсир Арофат номидаги кўча пайдо бўлганлигини маълум қилган эди.