Хитой Сеул томонидан мамлакатда АҚШнинг THAAD ракетага қарши мудофаа тизимлари ўрнатилиши режалаштирилаётганига жавобан сайёҳларнинг Жанубий Кореяга сафарларига чеклов ўрнатди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Yonhap агентлигининг Корея туризм ташкилотига таяниб маълум қилишича, 2 март, пайшанба куни Хитойнинг йирик сайёҳлик агентликлари ҳукуматдан Жанубий Кореяга йўлланмалар сотишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма олган.
Хитойликларнинг 40 фоизга яқини Жанубий Кореяга агентликлар орқали йўлланма олади. Индивидуал тарзда сафар қиладиган қолган 60 фоиз сайёҳлардан ярми воситачилар хизматига эҳтиёж сезади. Шу боис Сеул янги чеклов чоралари Жанубий Кореяга борадиган хитойликлар сонини икки баробар камайтириб юборишидан хавотир билдирмоқда.
Корея туризм ташкилотига кўра, ўтган йили мамлакатга 8,06 миллион хитойлик сайёҳ ташриф буюрган ва ҳар бири ўртача 2,4 минг доллар харажат қилган. Шу тариқа, уларнинг сони икки баробар камайиши Жанубий Кореяни 9,63 миллиард доллардан маҳрум этади.