Таиланд қироли Пумипон Адульядет (Рама IX) билан беш кунлик видолашув маросимини декабрь охирида ўтказиш режалаштирилмоқда, деб ёзади «ТАСС» Bangkok Post газетасига таяниб.
Дастлабки муддат маросимга тайёргарлик ишларини назорат қилувчи малика Сириндхоннинг махсус ҳукумат комиссияси билан учрашувида маълум қилинди. Марҳум қиролнинг қизи видолашув 25 декабрдан 29 декабргача бўлиб ўтиши белгиланганлигини айтди. Беш кунлик маросимнинг ҳар бир кунида Таиланд анъаналарига мувофиқ, алоҳида таомиллар ўтказилади.
Баландлиги 50 метрдан ошиқ улкан дафн мажмуаси Бангкок марказидаги Санам Луанг майдонида қад кўтара бошлади. Дафн гулхани ёнида маросимнинг VIP-иштирокчилари, шу жумладан, қироллик оиласи аъзолари учун 2,8 минг кишилик павильон қурилади.