Германиялик футболчи Месут Ўзил ҳақида китоб ёзиш масъулиятини ўз зиммасига олган Sport Witness немис нашри Bild’га автобиографиянинг кичик қисмидан парча тақдим этди. Бунда футболчининг Жозе Моуриньо ҳамда Хосеп Гвардиола ҳақида фикрлари бор эди.
«ЖЧ—2010 дан кейин «Арсенал» ҳам худди «Реал», «Барселона», «Бавария» ва «Манчестер Юнайтед» клублари каби менинг хизматим билан қизиқа бошлади. Агентим биринчи бўлиб «Бавария» вакиллари билан учрашиб, жамоа мендан нима истаётгани ва нималарга умид қилаётгани, клубдаги ўрним ҳақида маълумот олган. Унга бу ҳақда айтиб беришган. Қолган клублар билан музокара ҳам шундай бошланган».
«Мен эса «Барселона»га ўтиш ишқи билан яшардим. Дунёнинг ҳеч бир жамоаси унинг каби чиройли футбол ўйнамаслиги мени ўзига мафтун этарди. Бироқ Гвардиола бу жараёнда иштирок этмади. Учрашувдан кейин менга телефон ҳам қилмади, смс ҳам ёзмади. Қисқа қилиб айтганда, бу трансферга қизиқиш билдирмади. Менинг «Барселона»дан умидим шу тариқа сўниб қолди», — деб ҳикоя қилинади Ўзил ҳақидаги китобда.
Маълумки, Ўзилни «Қироллик клуби» илиб кетди. Германиялик футболчи Мадрид клубида ёрқин ўйинлари билан танилди ва юлдузга айланди. Бу жамоада унга Жозе Моуриньо устозлик қилди.
«‘Иккита чиройли паснинг ўзини етарли деб ҳисоблайсанми? Сенингча 50 фоизлик кўрсаткич шу қадар яхшими?!’, деб Жозе менга ўшқирарди. Шундан кейин у тин олди ва тўқ жигарранг кўзлари билан менга ўқрайди. Мен унга, у эса менга қарар, биз жанг олдидан кўз уриштираётган боксчиларга ўхшардик».
«Жозе ўз эмоциясини яширди ва менинг жавобимни кутди. Ўша лаҳзаларда мен уни жуда ёмон кўрардим. Бироқ фақат шу онларни истисно қилганда менинг Моуриньога муҳаббатим чексиз».
Ўзил жавоб ўрнида футболкасини ечиб, уни Моуриньонинг оёқлари остига ташлади ва мураббийга кийиб олишини айтди. Бу ҳолдан кейин Моуриньо фикрида давом этди: «Энди таслим бўлмоқчимисан?! Сен қўрқоқсан! Нима истайсан ўзи? Иссиқ душга кириб, ёлғиз қолишними ёки жамоадошларингга, мухлисларга ва менга нималарга қодир эканлигингни кўрсатишними?!»
Ўзил душга равона бўлишни афзал билди. Аммо кейинроқ у Моуриньонинг ҳақ эканини тан олди. Мураббий унинг учун қимматли сабоқлар бера олганди, деб ҳикоя қилинади Ўзил ҳақидаги китобда.
Нашр китобни қачон ва қанчага сотиб олиш мумкин экани масаласига ойдинлик киритмади.