Россиялик мутахассис Александр Бородюк футбол бўйича Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Бородюк қозоғистонлик футболчиларга 3 йил давомида мураббийлик қилади. Бунда у термадаги авлодлар алмушинуви жараёнини безарар ўтказишга уринади, таркибни ёшартиришга ҳаракат қилади ва маҳаллий футболчилар савиясини оширишга хизмат қилади.
Қозоғистон футбол федерацияси россиялик мураббийнинг олдига Россия мундиалини вазифа қилиб қўймади. Айни пайтда Қозоғистон терма жамоаси Россия—2018 учун кураш олиб бораётган бўлиб, Польша, Руминия, Дания, Черногория, Арманистон каби термалар билан бир гуруҳдан жой олган.
Ортда қолган 4 та тур учрашувларидан кейин Қозоғистон 2 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Мамлакат бош жамоаси Астанада Польша билан 2:2, Руминия билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнашга муваффақ бўлган. Сафарда эса Черногориядан 0:5, Даниядан 1:4 ҳисобларида енгилган.
Маълумот учун, ўз вақтида Қозоғистон терма жамоаси ҳам Ўзбекистон сингари ОФК вакили бўлган ҳамда 2002 йилдан эътиборан УЕФАга ўтиб кетган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян олдига мундиалга чиқиш асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилган. Европа термаларига қарши кураш олиб борадиган Қозоғистон термасида эса бундай вазифа йўқ.
Изоҳ (0)