Эрон президенти Ҳасан Руҳоний майда бўлиб ўтадиган мамлакат президенти лавозими учун сайловда иштирок этишга қарор қилди. Бу ҳақда парламент ишлари бўйича вице-президент Ҳусайнали Амирий маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Ҳозирча президент Ҳасан Руҳоний сайловда ўз номзодини илгари суриши ҳақида расман эълон қилмади.Эрон ислом республикаси тарихида 12-бор ўтказиладиган навбатдаги президентлик сайлови жорий йилнинг 19 май куни бўлиб ўтади.
Ўтган ҳафта сайловда иштирок этувчи биринчи номзоднинг номи маълум бўлди. Собиқ президент Маҳмуд Аҳмадинажод маъмуриятида вице-президент вазифасини бажарган Ҳамид Ризо Багаи сайловда иштирок этиши хабар қилинди.
Сайловга номзодларни илгари суриш жараёни 15 апрель куни якунланади.
Аввалроқ сайловда иштирок этиш нияти йўқлигини қатор сиёсатчилар, хусусан, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф, вице-президент ва Атом энергияси бўйича ташкилот раҳбари Али Акбар Солиҳий, парламент спикери Али Ларижоний ҳамда 2005—2013 йиллар Эрон раҳбари бўлган Маҳмуд Аҳмадинажод маълум қилган эди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)