Финляндиянинг Лахти шаҳрида бўлиб ўтаётган чанғи спорти бўйича жаҳон чемпионати доирасидаги 10 километр масофадаги саралаш баҳсларида венесуэлалик чанғичи Адриан Солано алоҳида ажралиб турди. У бир неча бор йиқилиб, чанғи таёғини синдирди ва ғалати техникани намойиш қилди. Бу ҳақда TJournal хабар берди.
Томошабинларнинг кўпчилиги спортчи билан юз берган вазиятларни кулги билан қарши олди, бироқ баъзилари уни олқишлар билан қўллаб-қувватлади. Чанғичи пойга етакчисидан 38 дақиқа кеч қолиб, 6,1 километр масофада баҳсни тарк этди.
Кейинроқ спортчи вазиятга тушунтириш бериб, қорда машғулот ўтказиш имкониятига эга бўлмаганлигини айтди. Венесуэлада эса машғулотлар махсус ғилдиракли чанғиларда ўтказилади.
Мусобақа бошлангунига қадар Адриан Швецияда бир ой машғулот ўташи керак эди. Бироқ у машғулот жойига кетиш пайтида француз чегарачилари томонидан Европага ноқонуний киришда гумон қилиниб, депортация қилинган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)