Испания Ла лигасининг 16-туридан қолиб кетган битта учрашув кеча — 22 февраль куни бўлиб ўтди. Мадриднинг «Реал»и клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этгани учун унинг «Валенсия»га қарши тўқнашуви шу кунга кўчирилганди.
Қолдирилган ўйин лигада пешқадам бўлиб турган Зинедин Зидан жамоаси учун омадсиз келди. «Валенсия» меҳмони бўлган «Қироллик клуби» дастлабки 10 дақиқа ичида иккита гол ўтказиб юборди.
Биринчи бўлим сўнггида Криштиану Роналду ҳисобни қисқартирган бўлса-да, иккинчи 45 дақиқаликда «Реал» натижани ижобий кўринишга келтира олмади.
Мазкур беллашувда «Вест Ҳэм»да олиб келинган италиялик ҳужумчи Симоне Заза ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. Евро—2016 даги ноаниқ пенальтисидан кейин машҳур бўлиб кетган бу футболчи ўтган турда «Атлетик» дарвозасига ҳам гол уриб, «Валенсия»нинг ғалабасига ҳисса қўшганди.
Мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмаган валенсияликлар сўнгги уч турда 7 очко ишлаб олишнинг уддасидан чиқди. «Реал» эса мағлубиятига қарамай, Ла лига турнир жадвалида пешқадамлик қилишда давом этади. Клубнинг яна битта қолдирилган ўйини бор бўлиб, унда «Реал» Вигода «Сельта» меҳмони бўлади.
Бунга қадар «Реал»ни фақатгина «Севилья» футболчилари таслим қила олганди.
Испания Ла лигаси 16-тур 22 февраль, чоршанба
Изоҳ (0)