Америкалик машҳур компьютер ўйинчиси, PoShYbRiD лақаби билан таниш бўлган Брайан Виньо ўзининг Twitch каналида бўлиб ўтган 24 соатли онлайн хайрия марафони чоғида вафот этди, деб хабар бермоқда The Sun.
Ҳодиса 20 февралга ўтар кечаси, марафоннинг 23-соатида содир бўлди. Виржиния-Бич шаҳрида истиқомат қилган геймер кичик танаффус олганди ва веб-камера олдига қайтиб келмади. Канал модератори ва кузатувчилари Брайан Виньо ухлаб қолганини тахмин қилди.
Эртаси куни геймернинг танишларидан бири Виньо тармоқда пайдо бўлганини пайқади ва унга хабар жўнатди. Виньонинг компьютеридан ўзини полиция детективи деб таништирган киши жавоб ёзди ва геймернинг ўлими ҳақида маълум қилди. Кейинроқ ушбу маълумот Виржиния штати полицияси томонидан тасдиқланди.
Уч боланинг 35 ёшли отаси нима сабабдан вафот этганининг расмий сабаби ҳозирча аниқланмаган. PVPLive’нинг қайд этишича, эркак уйқуга тўймаслик оқибатида келиб чиққан юрак муаммосидан ҳалок бўлган.
PoShYbRiD беш йил давомида World of Tanks ўйнаш орқали машҳур бўлиб кетган. Виньонинг вафоти юзасидан унинг кўпчилик обуначилари ҳамдардлик изҳор қилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)