АҚШнинг Украинадаги элчихонаси «Донецк халқ республикаси» («ДХР») ва «Луганск халқ республикаси» («ЛХР»)даги айрим туманлар аҳолиси ҳужжатларининг Россия томонидан тан олиниши Минск шартномаси мақсадларига зид эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда элчихонанинг Twitter’даги саҳифасига таяниб, «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Аввалроқ Украина Ташқи ишлар вазирлиги Киев ҳукумати назоратида бўлмаган «ДХР» ва «ЛХР»да берилган шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг Кремль томонидан тан олишини қоралади. Украина ТИВнинг фикрича, Кремлнинг мазкур қарори Донбасснинг босиб олинган ҳудудларидаги «ноқонуний ҳукумат органларининг аслида ҳам тан олиниши»ни билдиради.
«Россия томони яна бир бор Украинанинг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳамда Минск шартномасининг асосий ғоя ва тамойилларини бузди», — дея Украина ТИВ халқаро ҳамкорларини Россияга босимни кучайтиришга чақирди.
Украина президенти Пётр Порошенко Россия президенти Владимир Путиннинг фармонини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин 18 февраль куни «ДХР» ва «ЛХР» маъмурияти томонидан берилган шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни вақтинча ҳақиқий деб тан олиш бўйича тегишли фармонни имзолади.
Изоҳ (0)