Февраль ойининг бошида «Мишлен» ресторанлар рейтинги ўзининг анъанавий энг яхши муассасалар рўйхатини эълон қилди. Техник хато туфайли Bouche à Oreille номли кичик кафе рўйхатга кириб қолди. Рейтинг тузувчилари кафени худди шу номли ресторан билан адаштириб юборган. Бу ҳақда TJournal хабар берди.
Тасодифан «Мишлен» юлдузини қўлга киритган кафега ташриф буюрувчилар оқими шу даражада кўпайдики, унинг ишчилари мижозларга хизмат кўрсатишга улгурмаяпти.
Франция марказидаги Шер департаментида жойлашган кафе маҳаллий ишчилар орасида жуда машҳур. Бу ерда тушлик ўртача 13 евро туради.
Кафе бекаси Вероник Жакенинг сўзларига кўра, у ўзи эгалик қилувчи муассасага нуфузли мукофот берилганини билиб, шунчаки кулиб қўйган. Бироз вақтдан сўнг кафе мижозларга тўлиб кетган.
«Мишлен» рейтинги тузувчилари Вероник билан боғланиб, унинг кафеси рўйхатга хатолик сабабли киритилганини, кейинчалик хато тўғриланганини маълум қилган.
Ҳозир унинг ўрнига рўйхатга Эсон департаментида жойлашган Bouche à Oreille ресторани киритилди. Ресторандаги тушлик кафедагидан қарийб 4 баравар қиммат бўлиб, ўртача 48 евро туради.
Кафе нуфузли рейтингдан чиқарилганига қарамай, мижозлар орасида машҳурликни сақлаб турибди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)