Сурия масаласини тартибга солиш бўйича Остонада ўтказиладиган музокараларга АҚШ ва Иордания вакиллари таклиф этилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди, деб хабар беради «Газета.ru».
Сурия масаласи бўйича келгуси учрашув 15—16 февраль кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.
Музокараларда Сурияда ўт очишни тўхтатиш режими масаласи ҳамда маълум ҳудудлардаги ҳолатни барқарорлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, учрашув кун тартибидан қўшма тезкор гуруҳ фаолияти бўйича низом қабул қилиш, ярашув сулҳини мустаҳкамлашга оид келгуси ҳаракатларни келишиб олиш ва бошқа амалий тадбирлар ўрин олади.
Остонадаги мазкур учрашувга Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги, Сурия Араб Республикаси ҳукумати делегациялари, Сурия қуролли мухолифати вакиллари, БМТ бош котиби махсус вакили де Мистура, кузатувчи сифатида АҚШ вакиллари ҳам таклиф этилади.Аввалроқ Иордания Сурия жанубидаги мухолифатнинг сулҳга қўшилишга тайёрлигини маълум қилган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)