Америкалик, британиялик ва франциялик олимлар томонидан CryoSat-2 сунъий йўлдоши ёрдамида Антарктида ҳудудида тўртта ўлик кўл топилди. Бу ҳақда Европа космик агентлиги хабар беради.
Бир-бири билан боғланган тўрт кўл материк ғарбида жойлашган Амундсен денгизи яқинидаги Туэйтс шелф музлиги остида яширинган. 2013 йил июнидан 2014 йил январига қадар бу кўлларнинг суви Жаҳон океанига қуйилиб турган.
Мазкур музости кўллар юзаси жами 700 квадрат километрга тенг бўлиб, улардан океанга қуйилиб турган сув 3,5 куб километрни ташкил этган.
Олимлар ҳисоб-китобига кўра, сувнинг оқиш тезлиги секундига 240 куб метргача етган. Бу Ғарбий Антартктида содир бўлувчи шунга ўхшаш жараёнлар учун жуда катта кўрсаткич, дейилади хабарда.
Музости кўлларнинг майдаланиши 20—28 йилга тенг даврийлик асосида содир бўлиб, бу ҳолат Туэйтс музлигининг океанга оқиб тушиши тезлигини 10 фоизга оширган.
Айни дамда ушбу кўрсаткич суткасига 11 метрга тенг. Бу ҳолат Жаҳон океани сатҳининг ўсишига олиб келади.
Олимлар тадқиқоти Туэйтс музлиги 200—900 йилдан сўнг океанга тўлиқ оқиб тушиши борасидаги ҳисоб-китобларни исботлади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)