Кеча — 7 февраль куни Қатарда «Ал-Жаиш»га қарши саф тортган Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида қаторасига ўнинчи бор иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
«Қалдирғочлар» илк бор 2008 йилги мавсумда Чемпионлар лигасида дебют қилиб, биринчи уринишдаёқ ярим финалга қадар етиб борганди. Орадан 4 йил ўтиб жамоа яна ўша натижасини такрорлай олган ва бу борада Ўзбекистоннинг энг олди жамоасига айланган. Ҳар икки сафар ҳам жамоани Миржалол Қосимов финал остонасига қадар етаклаб келган.
Икки йил аввад «Бунёдкор» ўз тарбияланувчиси Сардор Рашидовни «Ал-Жаиш»га пуллаганди. Чемпионлар лигасининг ўтган йилги мавсумида Қаршининг «Насаф» клуби дарвозасига йўл топган Рашидов, орадан бир йил ўтиб собиқ жамоасига қарши муваффақиятсиз тўп сурди. Нафақат у, балки жамоадошлари ҳам «Бунёдкор» дарвозасига йўл топа олмади.
Учрашувдан олдин Сардор Рашидовни қўриқлайдиган футболчи Акром Комилов бўлишини кўпчилик тахмин қилиб улгурганди. Ҳимоячининг ўзи эса дадил фикр билдириб, рақибидан қўрқмаслиги ҳақида айтиб ўтганди.
Ғалаба учун ҳар тарафлама тайёргарлик кўрдик. Баҳсга ҳамма юз фоиз тайёр.Сардор Рашидовга қарши ўйнашдан хурсандман. Бугун иккаламиз учун ҳам қизиқарли бўлади. Мен унинг кучли ва кучсиз томонларини яхши биламан.
Акром Комилов, «Бунёдкор» аъзоси
Сардор Рашидов 120 дақиқа давомида гол ура олмагани етмаганидек, пенальтилар сериясида ҳам омадли бўлмади. «Бунёдкор» посбони Мурод Зуҳуров икки зарбани бартараф қилиб, «қалдирғочлар»ни гуруҳ босқичига олиб чиқди. ЖЧ—2014 йўлидаги плей-оффда ҳам Зуҳуров пенальтилар серияси билан тўқнаш келган бўлиб, иорданияликларнинг бирорта ҳам зарбасини қайтара олмаганди. Орадан 3 йилдан зиёд вақт ўтиб, дарвозабонда ўсиш кўринди.
Мен дарвозабонман. Вазифам дарвозамни голдан ҳимоя қилиш. 120 дақиқа давомида гол ўтказмадим. Кейин эса пенальтилар сериясида жамоамга ёрдам беришга уриндим. Яъни, вазифамни бажардим холос.Сардор Рашидов икки йилдан буён биз билан бирга эмас. Шунинг учун ҳам унинг қайси томонга зарба беришини билмасдим. Таваккалига сакрадим ва тўп йўналишини топдим.
Мурод Зуҳуров, «Бунёдкор» дарвозабони
Сардор Рашидов «Бунёдкор»нинг асосий таркибида тўп сураётганида Рустам Ашурматов ўринбосарлар сафида эди. Орадан вақт ўтиб ҳимоячи ўша Сардор Рашидов жамоасига гол уришга тайёр ҳолга келиб улгурганди.
Жамоамиз ёш бўлишига қарамай, гуруҳ босқичига чиқдик. Ҳамма бир-бирига ёрдам бериб ўйнади. Бу эса қийин бўлди.Меҳмонхонадаёқ гол уришимни ҳис қилгандим. Бу ҳақда хонадошим Дилшод Ҳамроевга ҳам айтгандим. Ҳозир эса пенальтилар сериясида бўлса ҳам гол урганимдан хурсандман. Уришим билан Дилшодга хонадаги гапимни эслатдим.
Рустам Ашурматов, «Бунёдкор» аъзоси
Сергей Лушчан бошқарувида «Бунёдкор» мамлакат чемпионлигини қўлга кирита олмади. Кетма-кет икки мавсумни 4-ўринда якунлаган Тошкент гранди, 2016 йил кумуш медалларга эга чиқди.
Лушчан бошқарувида «қалдирғочлар» Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида икки бор муваффақиятсиз иштирок этган. Шундай бўлса-да, мутахассис ҳар сафар «Бунёдкор»ни гуруҳ босқичига олиб чиқади. Аввалги икки мавсум плей-оффи Тошкентда ўтиб, тошкентликлар Амирликларнинг аввалига «Ал-Жазира», кейинроқ эса Азиз Ҳайдаров тўп сурадиган «Аш-Шабоб» клубларини турнирдан чиқариб юборганди. Бу сафар эса Қатардан ғалаба билан қайтди.
Ғалаба қозониш ёқимли, айниқса у кучли жамоа майдонида қўлга киритилган бўлса. Мен ёшларимиз учун хурсандман. Энди улар билан гуруҳ босқичида тўп сурамиз. Ғалабага ҳисса қўшган барчага раҳмат айтаман.Гуруҳ босқичида қийин ўйинлар кутиб турганига қарамай, муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз.
Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
«Ал-Жаиш»нинг франциялик бош мураббийи катта эҳтимол билан ўйин тақдирини асосий дақиқаларда ҳал қилиш ҳақида ўйлаган. Бу ҳолат клубнинг пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрмаганидан ҳам сезилиб қолди.
«Бунёдкор»дан ёмон ўйнадик деб айтмаган бўлардим. Ромариньода иккита вазият бўлса-да, фойдалана олмади.«Бунёдкор» яхши ҳимоялана олди. Рақиб тартибли ўйнашга ва чидамли бўлишга ҳаракат қилди. Лотореялар сериясига ким тайёр бўлса, ўша ғолиб чиқарди. «Бунёдкор» бу борада устун экан.
Сабри Лямуши, «Ал-Жаиш» бош мураббийи
Изоҳ (0)