Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси Денис Истоминнинг муваффақиятли юриши Ўзбекистон теннис терма жамоасини норасмий жаҳон чемпионатида сифатида эътироф этиладиган Дэвис кубогида навбатдаги босқичга олиб чиққанди.
Бу йўлда Ўзбекистон термаси Жанубий Кореяда меҳмон бўлди. Санжар Файзиевнинг мағлубияти билан бошланган Дэвис кубогида Денис Истомин икки рақибдан устун келди. Шунингдек, жуфтлик беллашувларида Файзиевни ўз ёнига олиб, кореялик спортчиларни таслим қилди. 3:1 ҳисоби эса ўзбекистонликларнинг муддатидан аввал ғолиб чиққанини билдирарди.
Навбатдаги босқичда Истомин бошчилигидаги терма жамоа Ҳиндистонга рақиб бўлди. Тўқнашув 7—9 апрель кунлари бўлиб ўтади. Бу йўлда ҳиндистонликлар Янги Зеландия термаси билан кураш олиб борди ва худди Ўзбекистон сингари 3:1 ҳисобида зафар қучишга эришди.
Маълумот учун, Дэвис кубогининг 2016 йилги мавсумини Ўзбекистон термаси Хитойни мағлуб этиш билан бошлаган бўлса-да, плей-офф босқичида Швейцария термасига имкониятни бой бериб, жаҳон босқичида иштирок этишдан маҳрум бўлганди. Якунда турнир ғолиблиги Аргентина терма жамоасига насиб қилганди.
Изоҳ (0)