Футбол бўйича Қатар Юлдузлар лигасининг 19-турида ўзбекистонлик футболчилар тўп сурадиган икки жамоа ўзаро тўқнаш келди. Чемпионлик учун курашни давом эттираётган Сардор Рашидовнинг «Ал-Жаиш» клуби ўз майдонида Темурхўжа Абдухолиқов ҳамда Санжар Шоаҳмедов ҳаракат қиладиган «Ас-Сайлия»ни қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Учрашувда ҳисоб 23-дақиқага келиб Санжар Шоаҳмедов томонидан очилди. Бу гол унинг Қатардаги почин голи бўлиб тарихга кирди. Бироқ «Ас-Сайлия»га ғалаба келтира олмади. Тайм сўнггида «Ал-Жаиш» футболчилари ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Қайд этиш керак, «Ас-Сайлия» сафида Темурхўжа Абдухолиқов ҳам 1 та гол уриб улгурган. У Қатардаги дебют ўйинидаёқ пенальтидан фойдаланиб, жамоасига ғалаба тортиқ қилганди.
«Ал-Жаиш» йўқотилган 2 очко сабаб кучли учликка кириб олиш имкониятини йўқотди. «Ас-Сайлия» эса қўлга киритилган 1 очко сабаб бир поғона юқорига кўтарилиб олди. Аҳамиятли томони, учрашувни уч ўзбекистонлик бошланғич таркибда ўтказди. Сардор Рашидов ва Темурхўжа Абдухолиқов унда тўлиқ ҳаракат қилган бўлса, гол муаллифи Санжар Шоаҳмедов 80-дақиқага келиб ўз ўрнини қатарлик футболчига бўшатиб берди.
Маълумот учун, Санжар Турсунов ҳаракат қиладиган «Ал-Ҳарайтият» клуби эртага — 4 февраль куни 19-тур доирасида «Умм Салал» меҳмони бўлади. Қизиқ томони, Санжар Турсунов ўзининг Қатарга илк ташрифида айнан «Умм Салал» шарафини ҳимоя қилганди.
Қўшимча ўрнида: 7 февраль куни Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Осиё Чемпионлар лигаси плей-оффида ўзининг тарбияланувчиси тўп сурадиган «Ал-Жаиш»га қарши саф тортади.
Қатар Юлдузлар лигаси 19-тур 2 февраль, пайшанба
Изоҳ (0)