«Мотор» нашри дунёдаги энг катта машиналар ҳақида маълумот берди ва уларнинг суратларини бир саҳифага жамлади.
Vanku Tiger-Stone
Tiger-Stone – 2010 йили Голландиянинг Vanku компанияси томонидан ишлаб чиқарилган чорқирра тошларни ётқизадиган машина ҳисобланади. Мазкур машина ёрдамида чорқирра тошларни ётқизиш жараёни уч баробар тез амалга оширилади.Tiger-Stone электромотор ёрдамида ҳаракатланади ва бир сутка давомида (икки ишчи ёрдамида) 300 метр квадрат майдонга чорқирра тошларни ётқиза олади.
БелАЗ-75710
БелАЗ-75710 дунёдаги энг катта кон самосвали саналади. У ўз кузовида 450 тонна оғирликни ташишга қодир. Гиннеснинг рекордлари китобига кириш учун БелАЗ 503,5 тонна юкни ҳам ташишга муваффақ бўлган.Рақамлар: узунлиги – 20,5 метр, эни – 9,8 метр ва баландлиги – 8,1 метр. Баҳайбат машина 100 километрни босиб ўтиши учун 1 300 литр ёқилғи талаб қилади. БелАЗнинг ҳар бир ғилдираги 5 тоннага тенг.
LeTourneau L’2350
БелАЗ 75710 сингари самосвални қазилмалар билан тез тўлдиришни LeTourneau L’2350 дан бошқаси эплай олмайди. Мазкур машина дунёдаги энг катта ғилдиракли ортувчи саналади. Эни 7,2 метрли «чўмичи» билан ушбу машина бир мартада 75 тонна кўмир ёки бошқа қазилмани кўтара олади. LeTourneau L’2350 нинг бир донаси қарийб 8 миллион доллар туради.
Улкан машина V16 Detroit Diesel мотори билан жиҳозланган. Унинг қуввати 2 300 от кучига тенг. Юк ортувчининг максимал тезлиги соатига 15 километрни ташкил этади. L’2350 24 соат тинмай ишлаши учун 4 минг литр ёқилғи талаб қилади.
Zoomlion ZACB01
Zoomlion ZACB01 каби автокранларни оддий қурилишларда учратиш қийин. Унинг 8 қисмдан иборат ўқи 2 000 тоннагача юкни кўтара олади.Ўқнинг максимал узунлиги – 160 метр. Zoomlion ZACB01 нисбатан енгил, атиги 96 тонна.
SLJ900/32
Узунлиги 91 метрни ташкил қилувчи мазкур машинанинг тўлиқ номи SLJ900/32 Segmental Bridge Launching Machine. Унинг мақсади эса кўп қисмли кўприкларни қуришда ёрдам бериш. Машина бўлажак кўприкнинг қисмларини силжитади, ўрнатади ва қотиради.Автоматлаштирилганига қарамай, SLJ900/32 инсон ёрдамига муҳтож бўлади. Умумий оғирлиги 580 тоннани ташкил қиладиган бундай қурилма фақатгина Хитойда ва алоҳида лойиҳалар учун ишлаб чиқарилар эди. Ҳозирги кунда эса бундай машинанинг универсал вариантлари бор ва улар дунё бўйлаб тарқалган.
NASA Crawler
Ўзиюрар улкан платформа 1965 йили Marion Power Shovel Co. компанияси томонидан икки нусхада ишлаб чиқарилган ҳамда «Сатурн V» ва «Сатурн IB» ракеталарини ташиш учун мўлжалланган. NASA ҳар бир платформа учун 14 миллион доллардан воз кечган. Машина оғирлиги 2 400 тоннага тенг.
Битта Crawler 6 000 тонна юкни соатига 1,6 километр тезликда ташишга қодир. Баҳайбат конструкцияни ҳаракатга келтириш учун ҳар бири 2 750 от кучига тенг иккита дизелли двигатель ўрнатилган. Ҳар бир платформанинг ёқилғи бакининг ҳажми 19 минг литрга тенг.
Krupp Bagger 288
Германиянинг Krupp компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Bagger 288 экскаватори дунёдаги энг катта ўзиюрар механизми сифатида қайд этилган. Унинг оғирлиги 13 500 тоннани ташкил этади.Мазкур машинанинг қурилиши 1978 йилда якунланган. Bagger бир кунда 2,5 минг темирйўл вагонини тўлдиришга етадиган 240 минг тонна кўмирни ишлатиб юбориши мумкин. Экскаваторнинг узунлиги 240 метр, баландлиги эса 96 метрга тенг. Машинанинг бурилиш радиуси 100 метрни ташкил этади.
Scheuerle
Scheuerle ўзиюрар юк модулини рекордчи эмас, аммо унинг ёрдамида Германия жануби-шарқида 1258 йили қурилган Саксон черкови бошқа жойга кўчирилган.Черковни ўз жойидан 12 километр узоқликдаги бошқа жойга кўчириш учун 6 кун ва 4,2 миллион евро сарфланган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)