Баъзан тақинчоқларимиз жуда қимматбаҳо эканлиги ёки қулай фурсат бўлмаганлиги учун уларни узоқ вақт тақмасдан, сақлаб келамиз. Фурсат келганда эса, улар чанг босиб ёки қорайиб кетганлигини кўрамиз. Бундай вазиятдан чиқишнинг икки йўли бор. Биринчиси уларни заргарлик салонига олиб бориб тозалатиш, иккинчиси мустақил тартибга келтириш.
Тақинчоқларни тозалашда қандай қоидаларга амал қилиш керак?
Тилла билагузук ёки кулонни чанглардан тозалаш учун уни 5—10 томчи нашатир спирти қўшилган совунли эритмада ювинг.
Нашатир спирти билан намланган зич мато салфетка ёрдамида артилса, кумуш ҳам аввалгидай ярқирай бошлайди. Асосийси аксессуарнинг майда қисмларига зарар етказмаслик учун эҳтиёт бўлиш лозим.
Олмос тақинчоқларни эса 6—7 ойда бир марта, жуда эҳтиёткорлик билан ювиш талаб этилади. Бунинг учун сизга совунли эритма ва юмшоқ чўткача (масалан, эски тиш чўткаси) керак бўлади.
Марваридни ифлосланиш ва намликдан халос этиш учун уни картошка крахмали билан артиб чиқинг. Агар у қорайиб қолган бўлса, уни дастлаб илиқ совунли эритма билан, сўнгра тоза сув билан яхшилаб ювиш ва қуритиш лозим. Марварид узоқ вақт тақилмаганда ранги хиралашиб қолади.
Маржон ва фируза, шунингдек, ёғоч тақинчоқларни зинҳор сув билан ювиш мумкин эмас. Уларни фақат қуруқ латта билан артиш мумкин.
Биллурни эса улар учун мўлжалланган суюқ совун эритмаси ва махсус салфетка ёрдамида тозалаш мумкин. Тозаловчи кимёвий воситалардан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Изоҳ (0)