Ўзбекистон миллий терма жамоаси вице-сардори Сервер Жепаровнинг «Истиқлол» футбол клубида дебют қилиши камида ярим йилга чўзилиши мумкин. Футболчи Эрон клуби билан 1,5 йиллик келишувга эришганди.
«Championat.asia» нашрининг Global Times’га асосланиб маълум қилишича, ФИФА форс клубига янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаб қўйган. Хитой нашри бунга асос сифатида «Истиқлол» 2016 йилги мавсум шу жамоада тўп сурган германиялик Одил Чихининг маошини тўлиқ бермаганини кўрсатган. Кейинроқ немис футболчиси Эрон клуби устидан ФИФАга арз қилиб, даъвосида ютиб чиққан.
ФИФА қарорига кўра, «Истиқлол» январь ойи давомида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказмайди. Ваҳоланки, Теҳрон клуби ўз вақтида Ўзбекистон ва Эрон миллий терма жамоаларининг сардорлари бўлган Сервер Жепаров ҳамда Андраник Теймуриян билан шартнома имзолаб бўлганди.
Ҳозирга қадар «Истиқлол» бу борада расмий баёнот берганича йўқ. Сервер Жепаров Теҳрон клубидан 1,5 йил давомида 500 минг доллар олиши керак эди.
Изоҳ (0)