General Motors томонидан ўтган йили харид қилинган Cruise Automation компанияси автопилотли машина Сан-Франциско кўчалари бўйлаб ҳаракатланаётгани видеосини эълон қилди. Бу ҳақда «Мотор» хабар бермоқда.
The Detroit News нашрига кўра, автопилот тизими Chevrolet Bolt электромобилига ўрнатилган, автомобилда эса мазкур ҳаракатланиш давомида GM президенти Дэн Амманн бўлган.
Роликда автопилотнинг йўлдаги турли вазиятларда ўзини қандай тутиши кўрсатилган: машина йўл четига қўйилган автомобилларни айланиб ўтади, чизиқларни алмаштиради, пиёда ва велосипедчиларни ўтказиб юборади, шунингдек, бекатдан жилаётган автобусни қувиб ўтиш ёки ўтмаслик ҳақида қарор қабул қилади. Компания электромобилнинг ҳаракатланиши тўлиқ автоном тартибда, бошқарувига инсон аралашувисиз амалга оширилганини билдирмоқда.
Ҳозирда Cruise ва GM Chevrolet Bolt асосидаги автоном автомобилларни нафақат Сан-Франциско, балки Скоттсдейл, Аризона ва Мичиганда ҳам синовдан ўтказмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи автопилотли таксилар тармоғини яратиш мақсадида Lyft сервиси билан ҳамкорлик қилмоқда.
Маълумот учун, GM 2020 йилга келиб автопилотли машиналари серияли тарзда ишлаб чиқарилишини ваъда қилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)